Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

27.11.2020


Қашқадарёлик биринчи академик

“Infolib Uzbekistan-2020” IX Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида Сайидо Насафий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида қашқадарёлик биринчи академик Асқар Холмуродов хотирасига бағишлаб “Юрт фахри” мавзусида онлайн учрашув ташкил этилди.

Унда республикамизнинг барча вилоятларидаги ахборот-кутубхона маркази вакиллари, Қарши давлат университети микробиология ва биотехнология ҳамда рус тили ва адабиёти кафедралари профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этишди.

Таъкидлаш жоиз, Эски Яккабоғ шаҳарчасининг Мучингузар маҳалласида туғилган Асқар Холмуродовнинг ҳаёт йўли барча ёшларга ўрнак бўлгулик. У Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) биология-тупроқшунослик факультетидаги 5 йиллик таҳсилдан сўнг 1961 йилда Украина Фанлар академиясининг биокимё институтига қарашли, академик Ростислав Чаговец раҳбарлик қилган витаминлар биокимёси лабораторияси аспирантурасига қабул қилинди. 25 ёшида фан номзоди даражасига эришди.

Олимнинг номзодлик ва докторлик илмий ишлари натижалари нафақат функционал ва молекуляр витаминология ҳақида замонавий қарашларни ривожлантиришга ёрдам берди, балки янги препаратлар ишланмаларини яратиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш учун ҳам асос бўлиб хизмат қилди. Бета-пиколин моддасидан мураккаб кимёвий технология асосида синтез қилиб олинадиган ва тиббиётда, чорвачиликда кенг қўлланиладиган никотин кислотаси чет элдан валютага сотиб олинарди. Асқар Холмуродов никотин кислотаси ўрнини босадиган корник препаратини яратишга муваффақ бўлди. Бу кашфиёти учун собиқ иттифоқ халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасининг иккита медали ва Украина Фанлар академиясининг Александр Палладин номидаги мукофотига сазовор бўлди.

 

Витаминли премикс Асқар Холмуродов томонидан яратилиб, балиқ етиштириладиган сув ҳавзаларини бойитувчи ва тўйинтирувчи восита сифатида кўпдан буён қўлланилиб келинмоқда. Муҳим физиологик фаол бирикмалар – витаминлар, коферментларнинг микроб ҳужайраларидаги биосинтез усуллари ҳам бевосита унинг кашфиётидир.

Инглиз, рус, украин, поляк тилларини яхши билган Асқар Холмуродов Стокгольм, Копенгаген, Москва, Рим, Будапешт, Дрезден, Загреб, Вильнюс, Ереван каби дунёнинг кўпгина шаҳарларида ўтказилган халқаро илмий анжуманларда қатнашиб, маърузалар қилди. Дунёдаги йирик илм даргоҳларидан бири, биотехнология факультети ҳам мавжуд бўлган Исроилдаги Хайфа технология институтининг таклифига мувофиқ Асқар Холмуродов икки марта бу мамлакатга сафар қилиб, институт олимлари ва талабалари ҳузурида маъруза қилди. Ўзбек олимининг микробиология ва биотехнология соҳасидаги фаолиятига қизиқиб қолган исроиллик ҳамкасблари унга ҳамкорлик таклиф этишди.

Фанлар академияси Микробиология институти директори лавозимида фаолият олиб борган йилларида институтнинг 20 дан ортиқ илмий ишланмалари юксак иқтисодий-ижтимоий самара бериб, республика озиқ-овқат саноати, пахтачилик, ем-ҳашак тайёрлаш, соғлиқни сақлаш соҳаларига татбиқ этилди.

1987 йилда Асқар Холмуродов Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 1988 йил  октябрида Фанлар академиясининг Бош илмий котиби этиб сайланди. Бир йил ўтиб, академиянинг ҳақиқий аъзолигига сайланган олим академик илмий даражасига сазовор бўлди. Истиқлол йилларида илм-фан ривожига сезиларли улуш қўшди.

Тадбирда олимнинг яқинлари, уни яқиндан билган мутахассислар фикр-мулоҳазалари, ибратли ҳикоялари тингланди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo