Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Холис НАЗАР

16.02.2021


ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ 1943 ЙИЛДА ТАШКИЛ ТОПГАНМИ

ёхуд тарихни ўзгартириш кимга керак?

Аслида реал тарихни ўзгартириб юборадиган омиллардан бири уни турлича талқин этишдир. Биз шунақасини кўп кўрган, гувоҳи бўлган  халқмиз. Узоққа бормаймиз, ўша баттол совет тузуми даврида миллатнинг шонли кечмиши, буюк аждодларимиз қаҳрамонликлари кейинги авлодларга бузиб, манфур манфаатлар йўлида талқин этилган ҳолда ўзгартириб кўрсатилди. Шунинг учун биз яқин-яқингача Амир Темурни "босқинчи", "каллакесар"; халқ озодлиги учун курашган боболаримизни эса "босмачи" деб атаб келдик.     

Вилоят ҳокимлигининг расмий сайти - qashqadaryo.uzда Қашқадарё "Ташкил топган сана - 1943 йил", дея кўрсатиб қўйилганига кўзим тушиб, ана шу юқорида баён этилган мулоҳазалар ўтди хаёлимдан. Шунга шунчами,  дейдиганлар ҳам топилар? Бинобарин, асл тарих ҳам ана шундай кичик унсурлар асосида ўзгариб боришини унутмаслик керак. Тўғри, буни кимдир атайдан қилмагандир, лекин, Ватан тарихини чуқур ўрганмаган ёки манбаларни яна бир очиб қарашга эринган масъул сайт дастурчисига шу маълумотни тутқазгандир...

Ваҳоланки, дунё ҳамжамияти фаол фойдаланадиган Wikipedia - очиқ маълумотлар базасида "Қашқадарё вилояти - Ўзбекистон Республикаси таркибидаги вилоят. 1924 йил 1 ноябрда ташкил этилган", деб қайд этиб қўйилган.

Бу ҳақдаги маълумот "Ўзбекистон миллий энциклопедияси"нинг 10-том 622-бетида ҳам аниқ ва кенгроқ қилиб берилган. Жумладан, унда "Қашқадарё вилояти - Ўзбекистон Республикаси таркибидаги вилоят. 1924 йил 1 ноябрда ташкил этилган. 1927 йил 17 февралдан 1938 йил 15 январгача Қашқадарё округи мақомида (бўлган). 1938 йил 15 январдан Бухоро вилоятига қўшиб юборилди. 1943 йил 20 январда қайта ташкил этилди. 1960 йил 25 январда Сурхондарё вилоятига қўшилди. 1964 йил 7 февралдан янгидан ташкил этилди", дея баён қилинган.

Хўш, ўзларини ҳудуд ҳақидаги маълумотлар қизиқтирган кўплаб интернет фойдаланувчилари, жумладан, хорижликлар ҳам кириб турадиган qashqadaryo.uz сайтида нега Қашқадарё вилоятининг ташкил топган санаси бошқа информацион манбаларникидан бошқача берилган? Энциклопедияда ёзилгани каби тўлароқ маълумотни эса ҳатто сайтнинг "Қашқадарё вилояти тарихи" бўлимида ҳам учратмайсиз.


Тафаккур қилиш мумкинки, сайтга маълумот юкловчилар вилоятнинг Бухородан ажралиб чиқиб, қайта ташкил этилган вақтини назарда тутган, чамамда. Бироқ, бунда "қайта ташкил этилди" жумласига эътибор қаратмасдан, Қашқадарё вилоятининг 1943 йилдан олдин ҳам бўлганини инкор этиб қўйишаяпти. Демак, аввалдан бор бўлгандирки "қайта" сўзи қўшилган.


Афсуски, бугун омма учун очиқ бўлган кўплаб маълумотларда ана шу каби "хилма-хиллик"ларга бот-бот кўзимиз тушади. Бундай ҳолатларга йўл қўйиш расмий манбаларда, меъёрий ҳужжатлар ёзишда ҳам кузатилаётгани аён ҳақиқат. Улар қайсидир фойдаланувчиларни чалғитиб юбориши мумкин. Шундай экан, эътиборлироқ бўлайлик!    

Холис НАЗАР

 

Report typo