Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

06.09.2019


ҚАРШИДА ОЛИЙ ҲАРБИЙ АВИАЦИЯ БИЛИМ ЮРТИ ОЧИЛДИ

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, генерал-майор Баҳодир Қурбонов, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 28-30 январь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий аэродромида ҳам бўлиб, ҳарбий учувчилар тайёрлаш, уларнинг амалий машғулотлар олиб боришида объектнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида 1994 йилда асос солинган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртини Қарши шаҳрида қайта ташкил этиш таклифини берганди. 

Шундан сўнг Қарши сержантлар тайёрлаш мактаби негизида олий ҳарбий авиация билим юрти ташкил этилиши белгиланиб, бу ерда кенг кўламдаги қурилиш - бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ажратилган 73 миллиард сўм эвазига ўқув корпуси ва ёрдамчи бинолар замонавий кўринишга келтирилиб, энг сўнгги русумдаги тренажёрлар, ўқув-услубий қўлланмалар, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди. Бир сўз билан айтганда, масканда юксак маҳоратли мутахассислар тайёрланиши  учун барча шарт-шароитлар муҳайё.

- Муассаса ҳаво ҳужумларидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари учун 7 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрлайди, - дейди Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ҳарбий ҳаво кучлари қўшинлари қўмондони, генерал-майор Аҳмад Бурҳонов. - Олий ҳарбий авиация билим юртининг айнан Қарши шаҳрида ташкил этилиши аввало курсантларга мамлакатимиздаги энг йирик ҳарбий аэродромлардан бири - Хонобод аэродромида ҳарбий ҳаво кемаларини бошқариш, уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича машғулотлар олиб бориш, бевосита ўқув полигонларида иштирок этиш  имконини беради.  Бу эса ҳарбий учувчиларнинг профессионаллик даражасини ошириш, авиация ҳамкорлигидаги дала-ўқув машғулотларини реал вазиятларга яқинлаштирган ҳолда олиб бориш ва унинг имкониятларидан унумли фойдаланиш учун муҳим.

Тадбирда сўзга чиққанлар тажрибали ҳарбий учувчилар тайёрланадиган мана шу муассасанинг   мустақиллигимизнинг 28 йиллиги шодиёналари давом этаётган бир пайтда очилаётгани ҳам ўзига хос рамзий маъно касб этишини таъкидлади. Зеро, истиқлолимиз абадийлиги, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги кўп жиҳатдан бу ерда таълим оладиган, етук мутахассис бўлиб, сарҳадларимизни муносиб ҳимоя этадиган аскар ва офицерларнинг масъулиятли хизматлари билан чамбарчас боғлиқ.

Тадбир давомида билим юрти бўйлаб экскурсия уюштирилди. Ҳарбий ҳаво кучлари томонидан тайёрланган ҳаво паради ва авиашоу намойиш этилди. Парад аввалида Н-125 русумли вертолётда давлатимиз байроғи олиб ўтилди. Ми-8МТ, Ми-24 вертолётлари, С-295, Су-25, Миг-29 самолётларининг билим юрти узра парвози меҳмонлар томонидан олқишланди.

Билим юрти раҳбариятига Президент совғаси "Isuzu" автобуси ва "Gentra" автомобили топширилди.

Шу куни олий ҳарбий таълим муассасаси илк курсантлари ҳарбий қасамёд қабул қилишди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

 

 

 

 

 

 

Report typo