Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 февраль, пайшанба. 2021 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Қарши давлат университети таянч докторантига илмий ишини муддатдан аввал ҳимоя қилгани учун 84 миллион сўм рағбатлантириш пули берилди

Б.САЙФИЕВ

23.02.2021


Қарши давлат университети таянч докторантига илмий ишини муддатдан аввал ҳимоя қилгани учун 84 миллион сўм рағбатлантириш пули берилди

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги "Илмий даражали кадрларни тайёрлаш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрланган докторлик диссертациясини ўқиш муддати тамом бўлишидан олдин ҳимоя қилганларга, шунингдек, уларнинг илмий раҳбарлари ва консультантларига муассаса раҳбарининг буйруғи билан ўқиш муддатининг қолган даври (муддати) учун назарда тутилган тегишлича стипендиянинг ҳамда докторант билан олиб борилган иш учун тўловнинг жами миқдори ҳажмида тегишли диплом тақдим этилган кундан бошлаб кўпи билан 20 кун муддатда мукофот тўланиши белгиланган.

Айтиш ўринли, ёш тадқиқотчи Одилжон Авазназаров 2020 йил январь ойида ўзбек адабиёти ихтисослиги бўйича докторантурага қабул қилинган. 2020 йилнинг декабрь ойида Қарши давлат университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи кенгашнинг навбатдаги йиғилишида "Алишер Навоий ижодида соқий образи" мавзусидаги филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзган диссертация ишини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Натижада Вазирлар Маҳкамаси қарорининг тегишли бандига мувофиқ, Одилжон Авазназаров ўқиш муддати тамом бўлишидан 2 йил олдин докторлик диссертацияси (PhD)ни ҳимоя қилгани учун 84 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилди.

- Шарқ адабиётида соқий образининг ғоявий-бадиий хусусиятлари, бошқа образлар билан ассоциатив муносабати поэтик сўз санъати имкониятларини очиб беришда алоҳида мавқега эга бўлса-да, ўзбек адабиётшунослигида унинг муҳим хусусиятлари ҳозирга қадар махсус тадқиқот объектига айланмаган, - дейди Одилжон Авазназаров. - Илмий ишимда Алишер Навоий соқий образининг туркий адабиётда мавжуд маъноларини Азроил, давр, ишқ, бало, ёр, ҳукмдор, шаҳзода, Аторуд юлдузи кабилар билан бойитгани, илк бор "Соқий" радифли мусаддас, ғазал ва рубоийлар яратиб, унинг поэтик имкониятларини ривожлантиргани далилланган. Тадқиқотнинг аҳамияти Алишер Навоий шеърияти ҳамда достонларини тўғри таҳлил ва талқин қилишда илмий-назарий асос бўлиб, шунингдек, илмий жамоатчиликка соқий поэтик образининг шу пайтгача эътибор доирасидан четда қолган жиҳатлари билан яқинроқ танишишга, мумтоз давр адабиёти манбаларини бойитишга хизмат қилиши билан белгиланади.

Б.САЙФИЕВ

 

Report typo