Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • Қарши давлат университети талабаси “заочний”га ўқишга киритиб қўйишга ваъда бериб, 2 минг 300 долларни “еб юборди”

15.03.2021


Қарши давлат университети талабаси “заочний”га ўқишга киритиб қўйишга ваъда бериб, 2 минг 300 долларни “еб юборди”

Жиноят жазосиз қолмайди

Университетнинг 4-курсида таҳсил олаётган талабанинг ташвиши нима бўлиши мумкин? Албатта, диплом иши устида қаттиқ ва пухта ишлаш, уни ёруғ юз билан ҳимоя қилишга ҳаракат қилиш, қолаверса, олийгоҳни тамомлагач, қаерда иш бошлашини режалаштириб олиш.

Аслида бу ҳар қандай йигит-қиз учун муҳим, синовли палла, ҳатто ўқишга кириш эмас, яхши, муносиб иш топиш мушкул экани кўриниб қоладиган давр. Шундай экан, ҳал қилувчи аҳамиятга эга вақтдан унумли фойдаланиб қолиш керак.

Бироқ Қарши давлат университети 4-курс талабаси, 1991 йилда туғилган К.Б. қинғир ишга қўл уриб, катта хатога йўл қўйди.

Вилоят ИИБ маъсул ходими Ф.Ахмуродов маълум қилишича, университет талабаси Қамаши тумани Обод МФЙда яшовчи, 2000 йилда туғилган таниши Х.Ҳ.нинг ишончига киради. Унга ўзининг танишлари орқали олийгоҳнинг бошланғич таълим йўналиши сиртқи бўлимига ўқишга жойлаштиришини ваъда қилади ва бунинг эвазига 2 минг 300 АҚШ долларини олиб, ўз эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборади.

Пуч ваъдаларга ишониб, алданиб қолган Х.Ҳ эса пулларини қайтариб олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилади. Ушбу мурожаат юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида К.Б. фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланди. Натижада К.Б.га нисбатан Жиноят кодекси 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Report typo