Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

29.09.2022


ҲАР КИШИНИНГ БИЛИМИ БЎЛСАЮ, АММО УНГА ЛОЙИҚ АҚЛИ БЎЛМАСА...

Сараланган сатрлар

Алишер Навоий "Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила", дея айни ҳақиқатни айтган эди. Дарҳақиқат, устозлар хизмати сабаб биз юқори даражаларга эришамиз, илм-ҳунар эгаллаб, мансаб пиллапояларидан кўтариламиз. Бугун неки обрў-эътибор, ҳурмат-эҳтиромга эришган бўлсак, устозлардан шунча миннатдор бўлишимиз даркор.

Албатта, мактабда, университетда, бошқа даргоҳларда ўқитган муаллимлар баробарида ота-онани ҳам устоз деб тушунсак тўғри бўлади. Чунки кўп инсонларнинг биринчи устози ота-онасидир. Эртанги байрам муносабати билан ўқитувчи-мураббийлар баробарида ота-оналаримизни ҳам табрикласак, жуда мақсадга мувофиқ бўлади.

Тарихдан биласиз, Ғарбий Эрон подшоҳининг набираси Кайковус ўғли Гилоншоҳга атаб "Қобуснома" номли асар битган. Унда подшоҳлик, вазирлик каби улуғ мартабадан тортиб, деҳқончилик ишларию, меҳмон кутиш, сўзлаш, дўстлашиш, тижоратгача бўлган умуминсоний масалалар ҳақида таълим берилади.

Бугун устозлар ҳақида бисёр таърифу тавсифлар айтишдан тийилиб, устоз мақомидаги зот айтган ҳикматлардан сизга ҳам илиндик.

* * *

Сен ота-онангга нима иш қилсанг, фарзандинг ҳам сенинг ҳақингда шундоқ иш қилур, чунки одам мевага, ота-она дарахтга ўхшайдур. Дарахтни ҳар қанча яхши тарбият қилсанг, меваси шунча яхшироқ ва ширинроқ бўлур. Ота-онага иззат ва ҳурматни қанча кўп қилсанг, уларнинг дуоси шунча тезроқ мустажоб бўлур.

* * *

Сендан талаб қилмаса, кишига насиҳат қилмағил, панд бермағил, хусусан, сени тингламағон кишига ҳеч сўз дема, чунки бундай кишилар пандни эшитмағайлар. Кўп кишиларнинг орасида бир кишига панд-насиҳат қилмағил.

* * *

Билғилки, донишмандлар охири ғам бўлғон шодликни билмаслар ва охири шодлик бўлғон ғамни ғам деб ҳисоб қилмаслар. Ноумидлик вақтида умидворроқ бўл ва ноумидликка боғлиқ қилмағил.

* * *

Искандар деди: "Барча дўстлардин худ манфаат топарман, аммо душманлардин ундин кўпроқ манфаат топарман. Сабаби, менинг ёмон феълимни дўстлар манфаат юзидин пинҳон тутарлар ва мен уни билмай қолурман. Душманлар душманлик жиҳатидин ул феълни менга айтурлар ва мен ул феълни ўзимдин йироқ тутарман".

* * *

Эй фарзанд, сен ҳар нечаки доно бўлсанг, ўзингни халқдин донороқ билмағил, нединким ўзингни нодон билдинг - доно бўлдинг.

* * *

Сўзни бағоят улуғ билғил, сўз осмондан келмас ва ул хор нарса эмасдур. Қай бир сўзники билсанг жойини ўткармай айтғил, вақтни зое қилмағил, йўқ эрса донишға ситам қилғон бўлғайсан. Ҳар сўз десанг рост деғил ва бемаъниликни даъво қилғувчи бўлмағил.

* * *

Халойиқнинг орасида бир кишининг қулоғига сўз айтиш яхши эмасдур. Агар бу сўз гарчанд яхши сўз бўлса ҳам, ташқарисиндан уни ёмон сўз деб гумон қиладилар ва кўп одамлар бир-бирларидан даргумон бўладилар.

* * *

Ҳунарсиз киши била дўстлик қилмағил, нединким, бундай киши дўстлик ва душманликка лойиқ эмасдур.

* * *

Ҳар кишининг билими бўлсаю, аммо унга лойиқ ақли бўлмаса, бу билим унга зарар еткаргусидир.

* * *

Агар сени девона демасунлар десанг, топилмас нарсани ахтармағил.

* * *

Йигит ўзини ҳамма кишидан донороқ билур, аммо шул иши била у барчадин нодонроқдур. Бас, эй фарзанд, бундоқ йигитларнинг қаторидан бўлмағил, қариларни ҳурмат қилғил. Улар ҳақида беҳуда сўз демағил, уларнинг олдида одоб ва мискинлик била сўзлағил.

* * *

Юз йил яшағон ва қадди ёйдек ҳам бўлғон бир қари киши қўлига асо тутуб борур эди. Бир йигит уни тамасхур қилиб деди: "Эй шайх, ушбу ёйни неча тангага олдинг? Айтғил, то мен ҳам олурман". Шайх деди: "Агар умр топсанг ва сабр қилсанг, бу ёйни сенга текинга берурлар".

* * *

Ҳар кишига сўз айтур бўлсанг қарағил, ул сенинг сўзингга харидорму ёки харидор эмасму? Агарда уни сўзингга харидор топсанг, унга сўзингни сотғил. Йўқ эрса, ул сўзни қўйиб, шундоқ сўз деғилким, унга хуш келсин ва сенинг сўзингга харидор бўлсин. Лекин инсон била инсон бўлғил, одамий била одам бўлғил, нединким инсон бошқа, одамий бошқадур.

* * *

Кўп ухлаш зиён қилғонидек, ухламаслик ҳам зарар қилур. Масалан, агар бир одамни етмиш икки соат, яъни уч кеча-кундуз жўрттага ухлатмасдан олиб юрилса, тўсатдан ўлим хавфи туғилади. Аммо ҳамма ишнинг ўлчови бордир.

* * *

Сафарда йўрға отга минғилким, роҳат қиласан. Шаҳарда юртоқ, тунд ва шўх отга минғил, токи отнинг юртоқ ва шўхлиғи сабаби била ўзингдин ғофил бўлмағайсан. Шикорга чиқсанг, беҳуда от чопмағил, беҳуда от чопмоқ боланинг ишидур.

* * *

Агар молинг кўп бўлса, уни тақдир ва тадбир била ишга яратғил. Нединким, тақдир ва тадбир била яратғон озгина мол тақдирсиз ва тадбирсиз кўп молдин яхшироқдур. Агар мол оз бўлса ҳам яхши сақламоқни вожиб билғилки, ҳар киши оз нарсани сақлай олмаса, кўп нарсани ҳам сақлай олмағувсидир.

* * *

Донишлар дебдурларки, ҳеч бир ишда исроф қилмағил, исроф қилғувчи барча вақт зиёнкордур. Аммо тирикликни талх қилғудек қаттиқлик қилмағил. Рўзғорингнинг зарурий ишларида тақсир нуқсон кўргузмағил. Жонингға жаб қилмағил: мол ҳар нечаким азиздур, аммо жонингдин азиз эрмасдур. Алқисса, жаҳд этиб йиғилғон молингни бахилларнинг қўлига топширмағил ва шаробхўр, қиморбозларга эътимод қилмағил. Барча кишини ўғри гумон этмағил, токи молинг ўғридин омон бўлғай.

* * *

Бир нарса сотиб олар бўлсанг, зарар билан фойдаси бир хилда бўлсин. Хонавайрон бўлмоқни тиламасанг, даромад устидин харажат қилма. Агар сармояга зарар етказишни истамасанг, зарар келтирувчи фойдадин сақлан. Мўл-кўлчиликка эга бўлмоқни, қашшоқ бўлмасликни, бировга тобеъ ва очкўз бўлмасликни тиласанг, ҳар ишда сабр қил. Сабр қилмоқ оқилларнинг ишидур. Ҳар қандай ишда ўз фойдангга бепарво бўлма, нединким, бепарволик ҳам аҳмоқликдур. Шошиш била ҳар бир иш раво бўлмас.

* * *

Отнинг яхши-ёмонин билмак одамларнинг яхши ва ёмонини билмакдин мушкулдир, нединким, одам сўзлайдур ва унинг қандайлигин сўзининг маъносидин билса бўлур. От сўзламас ва унинг давоси дийдоридур. Аввал отнинг дийдориға қарағил, дийдориға назар этғон киши хато қилмайдур, нединки, яхши отнинг дийдори яхши бўлур ва ёмоннинг сурати ёмон бўлур.

* * *

От минмак тиласанг, хурмо ранг катта отни минғил, нединким, агар кишининг сурати ҳар қанча салобатлиғ бўлса ҳам, кичик от минса ҳақир кўринур. Билғилки, отнинг чап тарафининг қовурғаси ўнг тарафининг қовурғасидин ортиқ бўлур, санаб кўрғил, агар ҳар отнинг икки тарафи баробар бўлса, унда чап томонининг қовурғаси зиёдроқ бўлган отни олғилки, у айбсиз ва югурак бўлур, ундин ҳеч от ўтолмас.

* * *

Беғайрат кишини киши демағил. Ҳар кишида ғайрат бўлмаса, дини ҳам бўлмағусидир.

* * *

Агар дўстинг сенинг душманингни севса, бундай дўстдин эҳтиёт бўл, нединким, бундай дўст душман тарафидин сенга ёмонлик қилишдан ҳам андиша қилмағай. Сенинг дўстингга душман бўлғон дўстдин ҳам парҳез этғил.

* * *

Маълумки, қозининг иши ҳукм қилмоқдур, аммо имтиҳон қилмоқ эрмасдур.

* * *

Эй фарзанд, иттифоқо, подшоҳ хизматига ўтиб, хослар жумласига қўшилсанг, подшоҳ ҳар қанча сени ўзига яқин тутса ҳам, унга ғарра бўлмағилким, унинг яқинлиғидин узоқлиғини яхши кўрғил. Аммо ҳар турли хизматдин қочмағил, нединким, подшоҳга яқин бўлишнинг охири узоқликдур.

* * *

Икки нарсани ҳаргиз хор ва саҳл тутмағил: бири подшоҳнинг қаҳри, яна бири донишманднинг панди. Ҳар одамки, бу икки нарсани саҳл ва хор тутса, ўзи хор бўлур.

* * *

Аристотолис донишдан: "Оқилнинг қуввати нимада?", - деб сўрабдурлар. Донишманд: "Барча кишининг кучи овқатдандур, ақлнинг кучи эса ҳикматдандур", - дея жавоб бермишдур.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo