Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

22.09.2020


Қамашиликлар қатъияти

Бундан бир неча ой олдин Қамаши тумани раҳбарияти катта футболга алоҳида эътибор қаратаётгани, хусусан, туманнинг ўз клубини ташкил қилиш бўйича ҳаракатлар бошлангани, қолаверса, қаровсиз ҳолатга келиб қолган марказий ўйингоҳни таъмирлаш ишлари бажарилаётгани хусусида хабар бергандик.

Йил охиригача фойдаланишга топшириладиган ўйингоҳда 2 миллиард 891 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Буниси энди алоҳида масала.

Эътиборни тортадиган жиҳат шуки, туманда футболга бўлган рағбат самарасида “Қамаши” жамоаси шу йилнинг 5 сентябрида бошланиб, 19 сентябрда якунига етган вилоят кубоги мусобақаларида муносиб қатнашиб, кумуш медалларга эга чиқишди.

Дастлаб қамашиликлар Шаҳрисабз туманининг “Кеш”, кейин шаҳарнинг “Ҳисор” жамоаларини мағлуб этди. “Яккабоғ” жамоаси устидан қозонилган 3:1 ҳисобидаги ғалаба қамашилик ёшларни мусобақа ярим финалига олиб чиқди. Кейинги босқичда эса ғузорликлар билан тўқнаш келиб, 2:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритишди.

Финалда эса кутилганидек ўта жиддий рақиб дуч келди: “Насаф” U 18. Бошда кучлар тенг келди, бироқ якунда ғалабани ўйин амалиёти кўп бўлган қаршилик ёш футболчилар илиб кетишди: 1:2.

Ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Мусобақа қамашиликлар мисолида бир ҳақиқатни исботладики, рағбат бор жойда натижа ҳам албатта бўлар экан.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo