Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

26.06.2020


ҚАМАШИГА КАТТА ФУТБОЛ ҚАЙТАДИМИ?

Қамаши тумани марказий ўйингоҳи бир неча йиллардан буён қаровсиз ҳолатга келиб қолган, майдон майсаси, томошабинлар учун жой талабга жавоб бермасди. Шунингдек, ўйингоҳда жойлашган қўшимча бино ҳам абгор ҳолатга келиб қолганди.

 

Қамаши тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, айни кунларда ушбу ўйингоҳда таъмирлаш ишлари бошланди. Лойиҳа қиймати 2 миллиард 891 миллион сўм бўлган майдонда қурилиш-таъмирлаш ишларини “Азим қурилиш таъмирлаш” хусусий корхонаси қурувчилари бажармоқда.

- Ўйингоҳдаги қўшимча бино тўлиқ таъмирдан чиқарилади, - дейди қурилиш бўйича масъул Азим Эшманов. – Томошабинлар учун секторлар янгиланади. Энг асосийси, майдон майсаси янгисига алмаштирилади. Қурилиш ишлари сентябрь ойида якунланиши белгиланган.

Қайд этилишича, тумандаги истеъдодли ёшлар сараланиб, янги жамоа ташкил қилинади ва иккинчи лига баҳсларида қатнашиши режалаштирилмоқда.  Жамоага “Ҳумо” номи берилади.

Маълумотларга кўра, бургутга ўхшаш “қабай”, “қубай” номлари билан аталган хосиятли, кучли қушга топинган қавм ёки уруғ азалда “қамайчи”, “қубайчи” деб аталган. Қамаши сўзи ҳам шундан келиб чиққан, деб қаралади.

Давлатимиз гербидаги Ҳумо қубай сўзининг ўзгарган шаклидир.

“Ҳумо” ҳақиқий мухлислар жамоасига айланиб, хосиятли, кучли футболчиларни ўзига жамлашига ишонамиз”, дейилади ахборот хизмати  хабарида.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo