Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 июль, якшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ҒАЛАТИ УЧ ҲАРФ ёки БОЛАЛАРНИ ЯШИРИН ТАРҒИБОТДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ ВАҚТИ КЕЛМАДИМИ?

Биродар АЗИЗОВ

02.06.2022


ҒАЛАТИ УЧ ҲАРФ ёки БОЛАЛАРНИ ЯШИРИН ТАРҒИБОТДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ ВАҚТИ КЕЛМАДИМИ?

Аҳамият берган бўлсангиз керак: бирон-бир маҳсулот ёки компанияни реклама қилишнинг энг осон, арзон ва самарали йўли бу унинг номи ва савдо белгисини ранг-баранг футболкалар ва кепкаларга жойлаштиришдир. Бундай рекламанинг нархи телевидение орқали роликлар намойиш этиш ёки йўл ёқасида баннерлар ўрнатишдан анча паст бўлса-да, фойдаси уларникидан кам эмас, айрим ҳолларда эса кўпроқ ҳам бўлиши мумкин.

Чунки биргина инсон кийган футболка ва кепкадаги рекламани ҳар куни юзлаб, минглаб одамлар кўришади. У ўз-ўзидан "жонли реклама"га айланади, кийимидаги савдо белгиси ва компания номи эса атрофидаги кишилар онгида муҳрланиб қолаверади. Боз устига, бундай либос ва бош кийим нафақат реклама акцияси давомида, балки кундалик ҳаётда ҳам тез-тез кийиб турилади. Демак, футболкадаги реклама анча узоқ вақт - кийим эгасига ёқмай қолгунча ёки йиртилиб адо бўлгунча ўз вазифасини бажараверади.

Шундай экан, ўз белгиси ва логотипи туширилган футболка ва кепкалардан кўплаб савдо ва ишлаб чиқариш компаниялари, кафе ва ресторанлар, интернет-дўконлар  ва ҳатто сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари ҳам фойдаланишади. Минг афсуски, реклама ва тарғиботнинг ушбу усулини турли хил ғараз ниятли гуруҳлар, норасмий тузилмалар ҳам ўз фаолиятини тарғиб қилиш ва оммалаштириш, ғояларини олға суриш учун самарали қўллашади.

Масалан, кейинги пайтларда Қарши шаҳрида "А.У.Е" ёзувли футболкаларни кийган болалар, ўсмирлар ва ҳатто 20-25 ёшдаги йигитларни тез-тез учратиш мумкин. Эгнидаги кийимлар турли хил нақш ва шакллар билан безатилган, улардан асосийси саккиз қиррали юлдуз бўлиб, ҳар бир қирраси қора ва оқ рангларга бўялган. Айрим ҳолларда бундай футболкаларда ғалати тасвирлар (мисол учун, ойга қараб увиллаётган бўри ёки тож кийган шер сурати) ҳам акс эттирилган бўлади.

Либос эгаларидан ундаги ёзув ва рамзнинг маъноси ҳақида сўрасангиз, кўплари билмаслигини айтишади ёки ўзларини билмасликка олишади. Баъзилари эса фахр билан "Бу ўзимга ўхшаган "крутой" болаларнинг белгиси!" дея мақтанади.

Аслида "А.У.Е." рус тилидаги "арестантский уклад един" ("маҳбуслар тузуми (йўли) ягона") ва "арестантское уркаганское единство" ("маҳбус "уркаган" (ўғри, бандит)лар бирдамлиги") ибораларининг қисқартмасидир. Бу ибораларнинг иккаласи бирдек  юритилиб, Россиядаги вояга етмаган жиноятчилар тўдаларининг норасмий бирлашмаси, криминал ҳаракатнинг номи ва шиори ҳисобланади. Қонунга бўйсунишни истамайдиган ёшлардан иборат бу норасмий ҳамжамият аъзолари ўз юртидаги уюшган жиноятчиликнинг криминал мафкурасига мос "қадриятлар" ва хулқ-атвор меъёрларини тарғиб қилишади. Саккиз қиррали оқ-қора юлдуз "А.У.Е." нинг асосий рамзи ҳисобланади.

Бир қатор шаҳарларда кўплаб оғир жиноятлар содир этиб, оммавий тартибсизликлар уюштиргани учун мазкур ҳаракат 2020 йилда Россия Олий суди томонидан экстремистик ташкилот деб топилган. Энди ушбу мамлакатда ўзини мазкур ҳаракатнинг аъзоси деб атайдиган шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши ва 12 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиниши ҳамда катта миқдордаги жаримага тортилиши мумкин.

Бизда эса кўпгина болалар ва ўсмирлар "А.У.Е." ёзуви тушурилган футболкалар ва саккиз қиррали "криминал" юлдуз тасвирланган кепкаларни билиб-билмай кўчада ўртоқлари билан ўйнаганда ҳам, шаҳарда сайр қилганда ҳам, ҳатто оммавий тадбирларга борганда ҳам кийиб юришади. Ота-оналари ҳам билиб-билмай бунга йўл қўйишади, айримлари эса ҳатто ўзлари бундай буюмларни сотиб олиб беришади ёки Россиядан жўнатиб юборишади. Баъзилари автомобилнинг орқа ойнасига криминал ҳаракатнинг рамзини ўрнатиб, уни ҳаммага кўз-кўз қилишади. Маҳалла фаолларининг аксарияти бунга сираям аҳамият бермайди ёки аҳамият берса-да, шу орқали ёшларга, жамиятга зарар етказилаётганини англашмайди. Ёхуд англашса ҳам ёшлар, уларнинг ота-оналари билан яхши-ёмон бўлишни исташмайди. Ваҳоланки, тўғри тушунтирилса, кўпгина болалар ва ўсмирлар, уларнинг оила аъзолари  "криминал" футболкалардан воз кечишга тайёрдир. Айниқса, шунинг эвазига муқобили, масалан, Қарши шаҳри рамзи ёки Қашқадарё кўприги сурати туширилган янги чиройли футболка ёки кепка тақдим этилса, "музокара" муваффақиятли якунланиши турган гап. Аммо кимдир бу ҳақда ўйлаб кўрдими?

Яна бир ачинарли жиҳат, ички ишлар органларининг ходимлари ҳам ҳуқуқий асос йўқлиги учун "А.У.Е." ёзувли кийим кийишни тақиқлай олмайди ёки бошқа буюмда акс этган ҳаракат рамзини олиб ташлашни талаб қилолмайди. Бунинг оқибатида бугун айрим маҳаллаларда болалар бу қисқартмани деворларда, аҳлат қутиларида ёза бошлаяпти. Улар ҳам бу уч ҳарф нималигини тушунмай, шунчаки зерикканидан бундай йўл тутишаяпти, дейсизми?! Ҳеч билмадим-да... Менимча, футболка ва кепкалар орқали қилинаётган яширин тарғибот ўз натижасини кўрсата бошлаяпти.

Биродар АЗИЗОВ

Report typo