Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

06.04.2023


АЁЛИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида вилоятимиз бўйлаб “Аёли эъзозланган юрт” шиори остида маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан ўтказилаётган тадбирларда туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимлари мутасаддилари, лидер ва тадбиркор аёллар, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, фахрийлар, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, Аёллар дафтарига киритилган аёллар ва отинойилар иштирок этмоқда.  

Қарши шаҳрида ўтказилган бундай тадбир аёлларнинг чинакам  байрамига айланди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи К.Каромова, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги мутахассиси Г.Юлчиева ва бошқалар сўз олиб, мамлакатимизда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр юритишди.

Президентимиз томонидан яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлар боис вилоятимизда хотин-қизлар қўлга киритаётган ютуқлар, аёлларни  ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, фаол раҳбар аёллар сафини кенгаштириш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтишди.

Шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси лойиҳасида гендер тенглик, оила мустаҳкамлиги, таълим тизими ва ўқитувчилар ҳуқуқлари акс этган  алоҳида модда киритилаётганлиги ҳақида гапириб, барчани жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Референдумда фаол иштирок этишга чақирдилар.

– Бу каби тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, уларнинг жамият ва оиладаги мавқеини янада оширишга қаратилган, – дейди Комила Каромова. – Қолаверса, тадбир иштирокчиларига Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституцияси, унинг мазмун-моҳияти, хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлаш бўйича белгиланган модда ва нормалар ҳақида кенг маълумотлар беришга ҳам ҳаракат қилдик.

Тадбир доирасида иқтидорли қизлар, катта ҳаётий тажрибага эга нуроний онахонлар, намунали оилалар вакилалари, оқила аёллар, “Аёллар дафтари”га киритилиб кўмак олган ва ўз мақсади йўлида муваффақиятга эришган аёллар билан мулоқот ҳам ташкил этилди. Ватан, тинчлик, аёлни тараннум этувчи рақс, куй ва қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди.

“Аёли эъзозланган юрт” шиори остидаги бу каби тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.  

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo