Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • АҚШнинг “Air Products” компанияси юртимиз нефть-газ саноатига 1 миллиард доллар сармоя киритмоқда

26.05.2023


АҚШнинг “Air Products” компанияси юртимиз нефть-газ саноатига 1 миллиард доллар сармоя киритмоқда

Кеча Тошкент шаҳрида АҚШнинг “Air Products” компанияси томонидан 1 миллиард доллар миқдоридаги инвестициялар эвазига Қашқадарёдаги табиий газни қайта ишлаш мажмуасини ривожлантириш бўйича сармоя шартномаси имзоланди.

Саноат газларини қайта ишлаш объектларига доир бу битимни  Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, “Air Products” компанияси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ вакиллари имзо чекишди.

Тафсилотларга кўра, табиий газни қайта ишлаш саноат мажмуаси дунёдаги энг замонавий энергетика корхоналаридан бири бўлган “ Uzbekistan GTL” заводининг ажралмас қисми саналади. “Air Products” компанияси тажрибасидан фойдаланган ҳолда, мазкур мажмуада табиий газни чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва шу орқали самарадорликни ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва зарарли чиқиндиларни камайтиришга эришилади.

“Air Products” директорлар кенгаши раиси, президенти ва бош директори Сейфи Гасем шартнома тузилганини шарҳлар экан, “Ўсиш суръатлари юқори бўлган мамлакат – Ўзбекистонда ушбу стратегик ҳамкорлик орқали биз энг илғор технологиялар ва билимларимизни қўллаш имкониятига эга бўламиз. Бу келишув юқори сифатли арзон ёнилғи ишлаб чиқариш ва ўсиб бораётган ижтимоий эҳтиёжларни қондириш имконини беради. Биз ушбу узоқ муддатли ва барқарор шерикликни ривожланишини кутмоқдамиз, шунингдек, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш имкониятларидан мамнунмиз” дея таъкидлади.

Маълумот учун: “Air Products” компанияси дунёдаги етакчи саноат гази ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланиб, жаҳон бозорида 80 йилдан зиёд вақт давомида фаолият юритмоқда. Компаниянинг асосий фаолияти – атмосфера ва технологик газларни ишлаб чиқариш ва турли тармоқлар, жумладан, нефтни қайта ишлаш ва нефть кимёси учун тегишли асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришдан иборат.

Бундан ташқари, "Air Products" суюлтирилган газ ишлаб чиқариш технологияси ва ускуналарини етказиб бериш бўйича жаҳонда етакчи ҳисобланади, шунингдек, бутун дунё бўйлаб турбомашиналар, мембрана тизимлари ва криоген контейнерларни етказиб беради.

Компания 2022 йилда 50 дан ортиқ мамлакатларда 12,7 миллиард долларлик сотувларни амалга оширди ва жорий бозор капиталлашуви тахминан 60 миллиард долларни ташкил этди.

Суратлар miit.uz ва ung.uz сайтларидан олинган.

 

Report typo