Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Илёс БАРАТОВ

27.11.2020


Аҳоли жон бошига чакана савдо айланмаси: ҚАШҚАДАРЁ - ОХИРИДАН ИККИНЧИ ЎРИНДА

Долзарб статистика

Шу йилнинг январь-октябрь ойларида вилоятимизнинг бор-йўғи учта ҳудуди - Чироқчи туманида (1,4 фоизга) ҳамда Шаҳрисабз (1,2 фоиз) ва Қарши (0,4 фоиз) шаҳарларида чакана савдо товар айланмаси ҳажми ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан ошган. Ғузор туманида мазкур кўрсаткич 2019 йил январь-октябрь даражасида қолган. Бошқа барча туманларда эса бу борада камайиш кузатилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, вилоят бўйича 2020 йилнинг 10 ойи давомида чакана савдо товар айланмаси ҳажми 10 триллион 185,4 миллиард сўмни ташкил этиб, 2019 йилнинг январь-октябрь ойларига нисбатан 2,5 фоизга камайган. Ҳудудлар орасида бу соҳадаги энг кескин пасайиш Касби (8,2 фоизга), Нишон (8,6 фоизга), Деҳқонобод (10,8 фоизга) ва Миришкор (15,3 фоизга) туманларида кузатилган.

Вилоят чакана айланмаси ҳажмида энг юқори улуш Қарши (2 триллион 207,4 милиард сўм ёки 21,7 фоиз) ва Шаҳрисабз (965,9 миллиард сўм ёки 9,5 фоиз) шаҳарлари ҳамда Китоб тумани (915,8 миллиард сўм ёки 9 фоиз), энг паст улуш эса Муборак (240,8 миллиард сўм ёки 2,4 фоиз), Миришкор (258,1 миллиард сўм ёки 2,5 фоиз) ва Касби (299 миллиард сўм ёки 2,9 фоиз) туманлари ҳиссасига тўғри келади.

Чакана савдо билан шуғулланувчи корхоналар турига қараб таснифлайдиган бўлсак, ҳисобот даврида йирик корхоналар (нефть маҳсулотлари, автомобиллар, дори-дармон ва бошқа турдаги маҳсулотлар савдосига ихтисослашган хўжалик юритувчи субъектлар)нинг товар айланмаси 668 миллиард сўмга етиб, ўсиш суръати 2,3 бараварга тенг бўлган. Бироқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг бу борадаги кўрсаткичи 9 триллион 517,4 миллиард сўмни ташкил этиб, 2019 йил январь-октябрь ойларига нисбатан 6,3 фоизга камайган. Шундан, айниқса, уюшмаган савдо (деҳқон ва чорва бозорларидаги) товар айланмаси ҳажмининг 735,9 миллиард сўмгача, яъни 40,2 фоизга пасайгани умумий кўрсаткичга жиддий таъсир қилди. Бу эса ўз навбатида коронавирус пандемияси даврида чорва бозорларининг узоқ вақт фаолият кўрсатмагани билан изоҳланади. Жумладан, деҳқон бозорларида жисмоний шахсларнинг уй хўжаликларида етиштирилган маҳсулотлари савдоси 34,4 фоизга камайган бир пайтда, чорва бозорларида қорамол, майда мол, от ва  паррандалар сотувчи жисмоний шахсларнинг савдо айланмаси ҳажми 46,9 фоизга қулаган.

Соҳадаги энг муҳим кўрсаткичлардан бири - ўртача аҳоли жон бошига чакана савдо айланмаси ҳажми бўйича Қашқадарё вилояти 3 миллион 87,2 минг сўм билан республика минтақалари ўртасида охиридан иккинчи ўринни банд этиб турибди (охирги ўринда - Қорақалпоғистон Республикаси).

Мазкур кўрсаткични воҳамиз ҳудудлари кесимида солиштирсак, энг юқори рақамлар Қарши (7 миллион 986,4 минг сўм) ва Шаҳрисабз (6 миллион 919,2 минг сўм) шаҳарларида  ҳамда Китоб туманида (3 миллион 462,5 минг сўм) қайд этилган. Энг паст кўрсаткичлар эса Нишон (2 миллион 98,9 минг сўм), Қамаши (1 миллион 885,9 минг сўм) ва Касби (1 миллион 515,6 минг сўм) туманларида кузатилган. Ваҳоланки, республика бўйича 2020 йилнинг январь-октябрь ойларида ўртача аҳоли жон бошига чакана савдо товар айланмаси ҳажми 4 миллион 524,9 минг сўмни ташкил этган.

Илёс БАРАТОВ,

вилоят статистика бошқармаси ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси бўлими бошлиғи

Report typo