Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • 4 СТАДИОН, БИР ЎРИНГА 12 ТАЛАБГОР, 12 КУНДА ЯКУНЛАНАДИГАН ИМТИҲОНЛАР...

Н.ХЎЖАЕВ

04.09.2020


4 СТАДИОН, БИР ЎРИНГА 12 ТАЛАБГОР, 12 КУНДА ЯКУНЛАНАДИГАН ИМТИҲОНЛАР...

Абитуриент - 2020

Хабарингиз бор, 2 сентябрдан республика олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари бошланди. Вилоятимизда ҳам талаба бўлиш истагида бўлган абитуриентлар Қарши шаҳридаги "Насаф" марказий ўйингоҳининг машғулот майдонларида имтиҳондан ўтмоқда.

Имтиҳонлар 2 сменада - эрталаб соат 8:00 дан 10:00 гача, тушдан кейин 16:00 дан 18:00 гача ўтказилмоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йил вилоятдаги умумтаълим мактабларини битирган 47 минг 681 нафар ўғил-қизнинг 38 минг 470 нафари (81 фоизи) олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган.

Вилоятдаги 6 та олий таълим муассасасига эса 2020-2021 ўқув йили учун қабул квотаси 8400 та (ўтган йили 4290 та эди) бўлиб, жами 99 минг 476 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Бу - бир ўрин учун 12 талабгор кураш олиб боради, дегани.

Имтиҳонларда вилоятдан жами 129 минг 772 нафар абитуриент иштирок этиши кўзда тутилган.

Тест жараёнлари ўтадиган "Насаф" футбол клубининг 4 та стадионида бир вақтнинг ўзида 184 та гуруҳда 5520 нафар абитуриент тест топшириш имконияти мавжуд. Демак, бир кунда 2 сменада 11 минг 40 нафар абитуриент тест топшириб чиқса бўлади. Жами абитуриентлар сонидан келиб чиқсак, вилоятда тест топшириш жараёни 12 кунда якунига етади.

Имтиҳонлар жараёнида санитария-гигиена талабларига эътибор қаратилмоқда.

Абитуриентларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари тест синовларини тўлиқ онлайн кузатиб бориши мумкин.

- Қарши давлат университетида агрокимё ва тупроқшунослик  йўналиши бўйича ўқимоқчиман, - дейди  Маржона Шодиева. - Ўтган йили "йиқилгандим", шунинг учун бир йил давомида фанлардан пухта тайёрландим. Бир неча ой репетиторлик дарслари онлайн шаклда давом этди, шунга қарамай ўзим ҳам мустақил ўқиб бордим. Ўйлайманки, тест саволларини ишлаш бу сафар унча қийинчилик туғдирмайди.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo