Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

08.09.2022


23 фоиз - мақтанарли рақам эмас

Таълим ва самара

Вилоятимизда ўтган ўқув йилида мактабни тамомлаган ўқувчиларнинг 23 фоизи олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган. Мазкур кўрсаткич олдинги йилга нисбатан 5 фоизга ошган бўлса-да, Қашқадарёдек салоҳиятли вилоят учун мақтанарли рақам эмас.

Бу ҳақда вилоят ҳокими Муротжон Азимов янги ўқув йилининг илк кунида "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" мавзусида ўтказилган Мустақиллик дарсида маълум қилди.

Вилоят раҳбари ошкор қилган маълумотларга кўра, ўтган ўқув йилида вилоятимиздаги мактабларда 11-синфни 42 минг 939 нафар ўқувчи тамомлаган ва шундан 9 минг 905 нафари (23,1 фоизи) олий ўқув юртларига ўқишга кирган.

- Ўйланманки, бу салоҳиятли вилоят - Қашқадарё учун мақтанарли эмас, шунинг учун биз устоз, мураббийлар билан биргаликда бирлашиб, янги таклиф ва ғоялар бўйича ишлашимиз керак бўлади, - деди ҳоким. - Хабарингиз бор, куни кеча финляндиялик профессор Петри Лунаскоприни ўзимга маслаҳатчи қилиб олдим. Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг берган кўрсатма ва тавсиялари асосида амалга оширилмоқда.

Шу ўринда аниқлик киритиш жоизки, Қашқадарёда халқ таълими тизимини такомиллаштириш ва ўқитувчиларининг малакасини ошириш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан Тошкент шаҳридаги Халқаро Нордик университети билан ҳамкорликда Финляндиядан мутахассис жалб қилинди.

Вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар беришича, бу мутахассис Финляндиянинг Амалий фанлар бўйича Савония университети профессори тадқиқот, ривожланиш ва инновациялар бўйича эксперт Петри Лунаскопри бўлиб, у 20 дан ортиқ давлатларда К12 олий таълим бўлимининг ўқитиш хизматларида тренер сифатида тажрибага эга, педагогика фанлари доктори ва педагогика йўналишида халқаро даражадаги мутахассис ҳисобланади, Финляндиядан ташқари Нидерландия, Англия, Португалия ва Венгрияда ишлаган. Петри Лунаскопри бир йил муддатга жалб қилиниб,  унинг маҳоратидан вилоятда халқ таълимини ривожлантириш бўйича уч йиллик маҳаллий дастурни ишлаб чиқишда, шаҳар ва туман халқ таълими бўлимларидаги услубчиларни Финляндия таълими тажрибаси бўйича тайёрлашда ва бошқа йўналишларда фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Ўз мухбиримиз

 

Report typo