Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • 2022 йилда Косон ва Яккабоғ туманларида "Янги Ўзбекистон" массивлари қад ростлайди

31.12.2021


2022 йилда Косон ва Яккабоғ туманларида "Янги Ўзбекистон" массивлари қад ростлайди

Фармон ва шарҳ

Тобора яқинлашиб келаётган 2022 йилда воҳамизнинг Косон ва Яккабоғ туманларида умумий майдони 45 гектардан ортиқ "Янги Ўзбекистон" массивлари бунёд этилади. Улар ҳудудида комплекс тарзда 55 та кўп қаватли уй-жойлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари, ижтимоий соҳа, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилади.

Нафақат Қашқадарё, балки юртимизнинг барча ҳудудларидаги 29 та шаҳар ва туманда "Янги Ўзбекистон" массивларини барпо этишга оид чора-тадбирлар мамлакат Президентининг шу йил 9 декабрдаги фармонида жамланган. Хусусан, мазкур ҳужжат билан тасдиқланган манзилли рўйхатга мувофиқ яқин 12 ой ичида бундай замонавий мавзелар Косон туманидаги Дўстлик ва Яккабоғ туманидаги Айғиркўл маҳалла фуқаролар йиғинларида қад ростлайди.

Маълумотларга кўра, Дўстлик маҳалласида 27,2 гектар майдонда умумий сиғими 616 та хонадондан иборат 30 та кўп қаватли уй-жой, умумтаълим мактаби, болалар боғчаси ва тиббиёт муассасаси қурилиши назарда тутилган. Айғиркўл маҳалласидаги "Янги Ўзбекистон" массиви эса 18 гектарни эгаллаб, унда 25 та уй-жой (500 та хонадон), мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти вужудга келади. Шу билан бирга массивларда ташкил этиладиган ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш учун ер участкалари тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион орқали мулк ва ижара ҳуқуқлари асосида реализация қилинади.

Фармонга биноан Яккабоғ тумани Айғиркўл маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги  қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 16,8 гектар суғориладиган ер майдонлари "Янги Ўзбекистон" массивини қуриш учун тегишинча аҳоли пунктларининг ерлари ҳамда саноат мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилади. Бироқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари қисқариб кетишининг олдини олиш мақсадида вилоят ҳокимлиги 2023 йил 1 январга қадар фармонга асосан тоифаси ўзгараётган суғориладиган ер участкалари майдонининг беш баравари миқдорида янги ерлар ўзлаштирилишини таъминлаши лозим бўлади.

Ҳужжатда таъкидланганидек, "Янги Ўзбекистон" массивлари  Фарғона вилояти Бағдод туманида барпо этилаётган "Мурувват" массиви намунаси асосида қурилади. "Uzbekiston 24" телеканалининг хабар беришича, ушбу массив ҳудудида 50 та беш қаватли, ҳар бири 20 та хонадондан иборат бир подъездли уй-жойлар қад ростлаяпти. Бундай уйда икки хонали квартиранинг нархи 130 миллион сўм атрофида бўлиб, унинг нисбатан арзонлигига асосан маҳаллий замонавий қурилиш материаллари ва ускуналарини кенг қўллаш орқали эришилмоқда.

"Янги Ўзбекистон" массивларини комплекс тарзда қуриш жараёнида у ерда яшайдиган аҳолининг бандлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Шу боис ҳам фармонда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига вилоят ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда 2022 йилда янги массивларга туташ ва яқин ҳудудларда ташкил этиладиган кичик саноат зоналари ва технопарклар рўйхатини тасдиқлаш вазифаси юклатилган. Дарвоқе, Фарғона вилояти Бағдод туманида барпо этилаётган "Мурувват" массивида аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида ҳар бир оила учун замонавий ва тежамкор иссиқхоналар қурилмоқда.

Фармон мазмун-моҳиятига қараганда, юртимизда "Янги Ўзбекистон" массивларини қуриш жараёни 2022 йилдаёқ  якунланмайди, аксинча, кейинги йилларда ҳам жадаллик билан давом эттирилади. Зеро, ҳужжатда Қурилиш вазирлигига кириб келаётган йилнинг 1 июнига қадар 2023-2026 йилларда қуриладиган "Янги Ўзбекистон" массивларининг манзилли рўйхатини шакллантириб, ҳукуматга тасдиқлаш учун киритиш топшириғи қўйилган.

Умуман олганда, Президент томонидан бу борада чиқарилган фармон аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва   инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш билан бир қаторда ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли пунктларининг урбанизация жараёнларини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.

Ўз мухбиримиз

 

 

 

Report typo